Мирзиёев Фидел Кастрони "ҳақиқий ватанпарвар" деб атади

Сурат манбаси, Sputnilk
Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев Куба инқилоби раҳбари Фидел Кастро "ҳақиқий ватанпарвар" ҳамда Ўзбекистоннинг дўсти бўлганини айтган.
Куба раҳбарияти ва халқига йўллаган ҳамдардлик мактубида жаноб Мирзиёев "Фидел Кастро ҳар доим Ўзбекистон ва Куба ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш, ҳамкорлик ва ўзаро ҳурмат тарафдори бўлган"ини таъкидлаган.
"Биз эрксевар Куба халқининг дард ва қайғусига шерикмиз", - дейилади ҳукумат порталида чоп этилган таъзияномада.
Мирзиёевга кўра, Кастро "бугунги Кубанинг асосчи-отаси сифатида тан олинган".
Куба шу йил сентябрида Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов муносабати билан мотам эълон қилган ягона давлат бўлган.
Ўзбекистонлик фойдаланувчилар ижтимоий тармоқларда "Ўзбекистон ҳам Куба раҳбарига мотам эълон қиладими?" деган саволларни беришган.
Куба инқилоби раҳбарининг 1963 йилда Ўзбекистонга ташрифи ўша пайтдаги совет матбуоти томонидан кенг ёритилган.
Унинг укаси, жорий Президент Раул Кастронинг ҳам Ўзбекистонга бир неча марта сафар қилгани маълум.

Сурат манбаси, courtesy
Кубани қарийб ярим аср мобайнида бошқарган Фидел Кастро 26 ноябр куни 90 ёшида вафот этган.
У 2008 йилда қудратни укаси Раулга топширганди.
Тарафдорларига кўра, Фидел Кастро Кубани халққа қайтариб берган инқилобчи раҳбар бўлган.
Аммо мухолифлари учун Фидел дунёнинг энг узоқ ҳокимиятда бўлган диктаторидир.
АҚШ президентлигига янги сайланган Доналд Трампга кўра, "ўз халқини қарийб 60 йил қийнаган шафқатсиз диктатор оламдан ўтган".
Трампнинг ишонишича, Кастро давридан мерос "мисли кўрилмаган жабр ва фундаментал инсон ҳуқуқларини рад этиш, қашшоқлик"дир.
1960-йилларда Куба собиқ СССР ва АҚШ ўртасидаги совуқ урушнинг муҳим ва хатарли жабҳаси бўлган.
АҚШ да яшаётган минглаб кубалик муҳожирлар Кастронинг ўлимини байрам қилиш учун кўчаларга чиқишган.
Айни пайтда Шимолий Корея душанба куни Кастронинг ўлими муносабати билан уч кунлик мотамни бошлаган.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
Instagram - BBC UZBEK
Twitter - BBC UZBEK
Odnoklassniki - BBC UZBEK
Facebook - BBC UZBEK
Google+BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - uzbekbbclondon
bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.





























