Кубанинг собиқ президенти Фидель Кастро вафот этди

Кубанинг собиқ президенти Фидель Кастро вафот этди

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Кубанинг собиқ президенти Фидель Кастро вафот этди
Published

Фидель Кастронинг укаси президент Раул Кастронинг айтишича, коммунистик инқилоб раҳбари 90 ёшида вафот этган.

Кастро Кубани қарийб эллик йил бошқарди.

2008 йилда каси Раулга қудратни топширган эди.

Унинг тарафдорларига кўра, Фидель Кастро Кубани халққа қайтариб берган раҳбар эди.

Аммо Фиделни ўз мухолифларига тоқат қилмагани ҳам айтилади.

Фидель Кастронинг жасади шанба куни крематсия қилинади.

Президент Раул Кастро ўз акасининг ўлими ҳақидаги баёнотни "Ғалаба томон доим олға!" деган шиор билан якунлаган.

Фидель Кастро ким эди?

Фидель Кастро Кубани деярли ярим аср давомида бошқарди. Бироқ, у қандай қилиб ўз тарафдорлари ичида садоқатни илҳомлантирди ва мухолифатни қўрқув ичида ушлаб тура олди? Би-би-си Лотин Америка хизматининг кубалик собиқ ходими Фернан Гонзалес Торрес Кастро қўли остида ҳаёт қандай бўлганини хотирлайди.

"Мен Фидель Кастро ҳали Сиерра Маэстра тоғларида жанг қилаётган вақтида туғилганман. Ота-онам жон сақлаш учун мени кўтариб шакарқамиш далалари ичра қочишган. Ота-онам Фиделдек бошқа сиёсатчи бўлмаганини айтишарди. У жуда ноодатий, ёш, бўйи баланд ва соқолли йигит бўлган. Костюм-шим ўрнига ҳарбий устбошда юрган. У узундан узоқ маърузалар қилиш қобилиятига эга эди.Бу маърузалари билан у халқни ўзига ишонтира олган ва энг муҳими у ўзгаришлар ҳақида жону дили билан куйиниб гапирган".

Кубаликларнинг аксари ўзгаришлар ва ислоҳотларни исташарди. Кўплар халқ орасида дастакни йўқотган Батиста тизимига якун ясалиши, ҳамда эркин ва адолатли сайловлар ўтказилишини талаб қиларди.

Оддий халқ учун иш ўринлари, мактаблар ва касалхоналардек хизматлар яратилиши заруратга айланганди.

Кастро бу хизматларни таъминлашга ваъда берди. Кўплаб ваъдаларининг устидан чиқди ҳам. Аммо ҳамма ҳам қониқмаганди.

"Мен катта бўлаётганимда, кўпчилик Кастрони нақадар севишларига гувоҳ бўлдим. Лекин айни дамда, ўзаро суҳбатларда, баъзилар пичирлаб, ундан нақадар нафратланишларини ҳам эшитардим. Ундан ҳафсаласи пир бўлган одамлар сони тобора ошиб борди. Лекин уларнинг фикри Кубадаги воқеалар ривожини ўзгартира олмасди. Кастро ҳукумати "америка тажовузи" деб атаган мухолиф қарашларга тоқат қилмас эди.

Жосуслик жуда кучли эди. Мудофаа ва Инқилоб қўмитаси ҳар қандай мухолиф фикрни илғаб оларди. Аввалига бу қўмиталар ҳар бир маҳалладаги Кастро тарафдорлари томонидан тузилганди, лекин бора-бора ҳамма ёппасига унга аъзо бўлишга рағбатлантирилди. Мудофаа ва Инқилоб қўмитасининг бош вазифаси ҳар қандай аксилинқилоб фаолият ҳақида полицияни хабардор қилиш эди", деб хотирлайди Гонзалес Торрес.

Кастро Кубаликларнинг камида уч авлоди ҳаётида бевосита ё билвосита устунлик қилди.

Лекин бу шахсга сиғинишни англатмади, Кастронинг ҳайкаллари ўрнатилмади, унинг номига кўчалар, хиёбонлар номланмади ёки пул бирлигига унинг сурати босилмади.

Айтишларича, у шахсга сиғинишдан нафратланган. Бунинг ўрнига у имкон қадар кўпроқ одамлар юрагига кириб бориш йўлида телевидение ва радиодан фойдаланган. Кастродан қочиб қутулолмасдингиз, барча каналлар ва радиостанциялар унинг маърузаларини етказарди. Ҳатто уни ёқтирмаганлар унинг маърузаларини диққат билан тинглашарди. Гонзалес Торрес ҳам унга маҳлиё бўлганди.

Икки инқилобчи

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Икки инқилобчи

"На унинг тарафдорлари, на танқидчилари Кастрони кимдир ағдара олишига ишонардилар. Сиёсий намойишларда унинг тарафдорлари "Фидел, Фидел, Фидел, сиз кимсиз? Сизни ағдаришга ҳатто империалистлар ҳам ожиз!" дея хитоб қилардилар. Лекин, уни ёқтирмаганлар эса, "Бу ҳукуматни ҳеч ким ағдара олмас, лекин уни ҳеч ким самарали ишлата олмайди ҳам" дейишарди. Энди Кастро оламдан ўтар экан, мен бир нарсани англаб етаяпман. У ҳам бўлса, ота-онамдан сўнг ҳаётимга энг катта таъсир қилган инсон бу Фидел эди..."

СССР, Ўзбекистон ва Куба

Кастронинг қудратда ўтказган аксар йилларини Совет Иттифоқи дастаклаган. Бироқ Иттифоқ қулаши билан, молиявий дастак ҳам "қуриб" қолди.

Жеймс Роджерс Би-би-сининг Москвадаги мухбири бўлиб, иттифоқдан сўнгги Россиядаги вазият ҳақида хабарлар бериб турган.

У СССР ва Россиянинг Фидел Кастро ва Куба билан алоқаларини солиштирар экан, бу алоқалар тарихи узоққа бориб тақалишини айтади. Унга кўра, Куба Совет Иттифоқи учун душман томорқасида ўз байроғини ўрнатишдек бир нарса эди.

Фидель Кастро Ўзбекистонда

Сурат манбаси, AP

Сурат тагсўзи, Фидель Кастро Ўзбекистонда

Кариб оролларига коммунистик ғояларнинг кириб келиши, Совет Иттифоқига капитализм ҳукм сурган ярим шарга ўрнашиб олишга имкон берди.

Владимир Бондарчук инқилобнинг мафкуравий тарафдори эди. Унинг Москвадаги Совет давридан қолган хонадонида деворга Фидел Кастронинг йирик сурати осилган. У денгиздаги ўн саккиз кунлик сафари ортидан 1961 йилда Ҳаванага келганини хотирлайди. Ҳарорат минус 20га тушадиган мамлакатдан келган одам учун Кубанинг тропик иқлими ўзга бир дунё эди. Унинг учун Фидел билан шахсан қўл сиқиб кўришиш эса... шараф эди.

"Фидел биз билан учрашиш учун кемамизга чиқди. У аввал Совет йўловчи кемаси ҳеч кўрмаган экан. У қизиқиш билан кемани кузатди ва ҳатто каравотларга ётиб кўрди. Бизда у жуда оддий, қизиқувчан ва адолатли шахс сифатида таассурот қолдирди", дейди Бондарчук.

Бондарчук Совет иттифоқининг савдо вакили лавозимида 1960 йилларни Кубада ўтказди.

1962 йилда Москва Кубага ўз ядровий ракеталарини ўрнатди.

1963 йилда Фидел Кастро СССРга сафарида давомида Ўзбекистонга ҳам келади.

1991 йилда Совет Иттифоқи қулади. У билан 20 асрда шаклланган кўпгина сиёсий ва дипломатик воқеъликлар ҳам яксон бўлди.

Егор Гайдар Россиядаги ўзгаришлар марказида бўлган асосий арбоблардан бири эди. У 2009 йилда оламдан ўтди. Совет адмиралининг ўғли жаноб Гайдар болалигини Кубада ўтказган.

"Совет Иттифоқи Кубани йилига олти-етти миллиард долларга тенг ёрдам билан таъминларди. Лекин шўро тизимининг касодга учраши билан бу ёрдамни давом эттириш буткул имконсиз эди. Шундай экан, биз бу ажрашувни имкон қадар оғриқсиз қилишга уриндик".

Фидел Кастронинг саломатлиги 2006 йилда оғирлашиши ортидан, унинг укаси Раул назоратни қўлга олди.

Икки йил ўтиб у расман президент этиб тайинланди ва шундан бери, ўз сўзларида, Куба оролидаги социализмни мустаҳкамлаш учун қатор иқтисодий ислоҳотлар дастурини тадбиқ қилаяпти.

Куба Фиделсиз яшашга ўрганиб улгурди. У бошқарган инқилоб Фиделсиз барбод бўлиши борасидаги хавотирлар ҳам ариган.

Раул Кастро акасидан беш ёш кичик, холос ва у билан бир сафда жанг қилган инқилобчилар гуруҳининг аъзоси.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.