Трамп фармонига қарши ҳукмни бекор қилмоқчи

Сурат манбаси, AP
АҚШ Президенти Доналд Трамп етти мусулмон мамлакатидан фуқароларнинг мамлакатга киришларини тақиқловчи ўз фармонига қарши маҳкама ҳукмини бекор қилишга сўз берган. Аввалроқ,
Сиэтл маҳкамаси ҳаками Жеймс Робарт Президент Трампнинг фармони конституцияга зид дея қарор чиқарганди.
Ҳакам ҳукумат ҳақуқшуносларининг АҚШ штатлари Трамп жаноблари олий фармонини савол остига олиш ваколатига эга эмас деган иддаоларини пучга чиқарган.
Трамп маъмурияти эса буйруқ Американи муҳофаза қилишга қаратилгани ва маҳкама ҳукмига қарши шикоят аризаси билан чиқишини айтади.
Ўтган ҳафта чиқарилган Президент фармони кенг миқёсли норозиликлар ва ҳаво ширкатлари фаолиятида тушунмовчиликларни келтириб чиқарганди.

Сурат манбаси, Reuters
Энди Air France ва Qatar Airways ҳаво йўллари ширкатлари АҚШ нишонга олган мамлакатлар фуқаролари парвозларига изн беришни бошлашган.
Қўшма Штатларга сафар қилиши кутилаётганлар орасида юрак нуқсони билан туғилган эронлик қизалоқ ҳам борлиги айтилади. 4 ойлик Фатемеҳ Решаднинг оиласи жарроҳлик амалиёти учун уни Америкага олиб боришни режалаганди.
Ўтган ҳафта улар АҚШ визасини олиш учун Дубайга учишган, аммо жаноб Трампнинг олий фармонига биноан аризалари рад қилинганди. Қизалоқнинг масаласи Конгрессда ҳам кўтарилган ва шифокорлар агар унга мамлакатга келиш рухсати берилса, бепул хизмат кўрсатишга ваъда беришган.
Аммо Президент Трампнинг тақиқидан хавотирга тушганлар қанчаси Америкага сафар қилишга журъат қила олишлари ҳозирча номаълум.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
Instagram - BBC UZBEK
Twitter - BBC UZBEK
Odnoklassniki - BBC UZBEK
Facebook - BBC UZBEK
Google+BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - uzbekbbclondon
bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг





























