Ўзбекистон ва дунё: Кимларнинг боласи ўқишга кира олади?

Student

Сурат манбаси, Getty Images

    • Author, Элисон Уилкинс
    • Role, Би-би-си, Халқаро таълим
  • Published

Университетда сифатли таълим олиш «бизга ўхшаган одамлар» учун эмас, дейди шу ойда маориф бўйича фахрли мукофотни қўлга киритиши кутилаётган америкалик академик олим.

Калифорниядаги қашшоқ оилада ўсган профессор Ларри Ҳеджеснинг фикрича, университетда ўқиш ўзи каби камбағал ижтимоий қатлам вакилларининг қурби етадиган иш эмас.

Бўлажак профессор болалигида университетнинг кимё лабораториясида қоқилиб юрган кезларидаёқ - бу вақтда унинг онаси ётоқхона ошхонасида идиш-товоқ ювиш билан машғул бўларди - яхши таълимнинг инсон учун кўп имкониятлар олиб келишини англаб етади.

Орадан бир неча ўн йил ўтиб, ўша жажжи болакай етук академик олим, Иллинойис штатидаги Норзвестерн Университетининг маориф бўйича профессори ва статистика департаменти раисига айланди.

Жорий декабрь ойида Гонгконгда бўлиб ўтиши режалаштирилган Идан Мукофоти (Yidan Prize)нинг тақдимот маросимида профессор Ҳеджес таълим йўлидаги тадқиқотлари учун $3.9 миллионни қабул қилиб олади. Ушбу маблағнинг ярми нақд кўринишда берилса, қолган ярми совриндорнинг тадқиқотларини қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.

Профессор Ҳеджес оиласидан биринчи университетга кирган инсон бўлиш "ҳаётини буткул ўзгартириб юборгани"ни айтади.

Профессор барча ёшларнинг олий таълим олишга имкони бўлишини истайди, аммо бугунги авлоднинг бунга қурби етишини савол остига олади.

Эшиклар ҳамон очиқми?

"Менимча, ҳали ҳам университетда таҳсил олишга имконият сероб, лекин ҳозирги вазият 30 йил олдингига қараганда яхшироқ, дея олмайман", - сўзлайди у.

Болалигида университетга бориш ҳақида оғиз очганда, онаси унга шундай дер эди: "Албатта, бу яхши ният, аммо биз сингари одамларнинг бунга қурби етмаса керак".

Larry Hedges
Сурат тагсўзи, Профессор Ларри Ларри Ҳеджеснинг фикрича, университетда ўқиш ўзи каби камбағал ижтимоий қатлам вакилларининг қурби етадиган иш эмас.

"Бу мавзуда сўзлаганда, онам ижтимоий синфларни назарда тутар эди", - изоҳлайди профессор.

Профессор Ҳеджес онаси юмшоқлик билан уни «баланд дорга осилиш»дан қайтаришга уринганига ишонади.

Ҳаммаси бўлажак олимнинг онаси университет ётоқхонасига хизмат кўрсатувчи ошхонага идиш-товоқ ювувчи бўлиб ишга кирганидан сўнг буткул ўзгариб кетади. Кичкинтой Ларри онасининг ортидан университетга қатнай бошлайди, ўзи учун тамомила ўзгача дунёни кашф этади.

Кунларнинг бирида у университет биноси бўйлаб дайдиб юриб, кимё лабораториясига кириб қолади ва ҳаётида илк бор ёш олим одамни кўради.

Профессор шундан сўнг «олим бўлиш ёки университетда ишлаш қандай экани тўғрисида аниқ бир тасаввур»га эга бўлгани ҳақида сўзлайди.

Талабалик

1970 йили - эндигина 18 ёшга қадам қўйган чоғидаёқ аълочи талабага айланган Ларри Калифорния Университетида математика ва физикани ўрганиш учун мўлжалланган обрўли Режентс Стипендияси (Regents Scholarship)ни ютиб олади.

Graduation

Сурат манбаси, Getty Images

У ўзи учун маориф йўлидаги тадқиқот соҳасини кашф этган мазкур университетда шароити оғир талабалар учун кенг имкониятлар яратиш бўйича катта ишларни амалга оширади.

Профессорга кўра, бугунги кундаги шароити оғир ёшларнинг олий таълим олиши учун олдингидек ишлар қилинмаётган бўлиши мумкин.

Бироқ ҳали ҳам барча умидлар пучга чиқмаган, тан олади у.

"Ўтган вақт ичида кўп нарса ўзгариб кетди, деб ўйлайман. Бугун бирор ёш бола хавфсизлик тартиблари шунчалик қаттиқлигидан ўша кимё лабораториясига бемалол кира олмаслиги мумкин".

"Бошқа томондан, ҳеч бўлмаганда АҚШда, олий таълим олишни орзу ҳам қила олмайдиган қатламларни университет билан таништиришга кўп ҳаракат қилинмоқда".

'Имконият калитлариʼ

Норзвестерн Университетида Чикаго мактаблари ўқувчилари орасидан 14-15 ёшлиларни танлаб, АҚШнинг нуфузли университетларига тайёрлашни кўзда тутувчи ташаббус ишлаб чиқилмоқда.

"Мени хурсанд қилган нарса - университетларнинг ўзи ўзгариш йўлидаги бундай ташаббусларга қўл урмоқда",- дейди профессор Ҳеджес.

Northwestern University

"Ўзининг муҳташам биноларида иссиққина ўтириб, кўплаб ночор оилаларнинг фарзандлари таълим олишга қурби етмаётганига кўз юмиш ўрнига кўплаб университетлар қашшоқ ижтимоий қатламлар билан алоқага киришмоқда ва қувончли жиҳати шундаки, улар шунчаки одамларга олий таълимни кўз-кўз этишмаяпти, балки шароити оғир ёшларнинг талабага айланиши учун чиндан ҳаракат қилмоқдалар".

АҚШдаги кўплаб нуфузли университетлар кам таъминланган оилалар фарзандларига олий таълим олиш учун молиявий кўмак ажратади, аммо ўқиш нархининг қимматлиги ҳануз кўп одамларни университетга бориш-бормаслик бўйича қарор олишда иккилантиради, таъкидлайди профессор Ҳеджес.

Шунингдек, бўлажак талабалар "университетда ўқиш яхши эканини билишдан ташқари қайси олийгоҳни танлаш ҳам катта аҳамиятга эгалигини англамоғи зарур".

Профессор Ҳеджес шунчаки одатий таълим бериладиган давлат университети ва кишининг қаршисида «бир олам имконият эшикларини очувчи» юқори даражали университетда ўқиш ўртасида улкан фарқ борлигини айтади.

"Бу яхшидир ё ёмон, лекин нуфузли университетлар имкониятлар калити экани бор гап".

Ларри Ҳеджес маориф тизими шундай ташкил қилиниши лозимки, натижада барча болалар юқори сифатли таълим олсин, деган фикрни ўртага ташлайди.

"Шундагина биз деярли ҳар бир болага деярли ҳар бир нарсани ўргатиш имконига эга бўламиз".

"Биз буни амалга ошириш мумкинлигини биламиз, аммо қандай амалга ошириш ҳозирча савол остида қолмоқда".

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek