Ўзбекистон ва дунё, шов-шувли жанжаллар: Кроссовкага Аллоҳ номи битилганмиди?

Сурат манбаси, Change.org
Кроссовкадаги Аллоҳ номи: Логолар дизайни туфайли келиб чиққан 6 машҳур жанжал:
Жаҳон компаниялари одамлар диққатини торта олувчи логотип дизайни устида кўп вақт ва маблағ сарфлайди. Бироқ баъзида лого орқали етказилмоқчи бўлинган ғояни одамлар ўзгача қабул қилиши мумкин.
Компанияларнинг машҳур брендлари фойдаланаётган логотипи, маҳсулотлари дизайни юзасидан тез-тез танқидга учраб туради. Яқинда Nike компанияси ана шундай мураккаб вазият билан юзлашди.
Спорт кийимлари ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи компания бу сафар мусулмонлар томонидан норозиликка учрамоқда. Гап шундаки, айрим мусулмонлар Nike'нинг янги кроссовкалар (Air Max 270) сериясининг тагчармига туширилган «AIRMAX» логоси араб тилидаги «Аллоҳ» сўзига жуда ўхшаб кетишини даъво қилган.
Мусулмонлар оёқ кийим остига Аллоҳ сўзини тушириш билан Nike ўзлари ва Исломни ҳақорат қилишга уринганини таъкидламоқдалар.
Nike'ни кроссовка тагчармидаги логодан воз кечишга чақирган онлайн петицияга 1 февралга қадар 23,000 дан зиёд инсон имзо чеккан.
Nike маъмурияти бу ҳолат юзасидан расмий баёнот эълон қилган.
"AIR MAX логоси фақатгина Nike'нинг AIR MAX савдо белгисини намоён этиш учун яратилган. Ундан англашиладиган бошқа ҳар қандай маъно тасодифдир."
"Nike барча динларни ҳурмат қилади ва биз бундай масалаларга жиддий муносабатда бўламиз," дейилади компания ёйинлаган баёнотда.
Тажрибали дизайнерлар ўзлари яратган логотипни одамлар қандай қабул қилиши маҳсулот очиқ бозорга чиққандан сўнггина маълум бўлишини таъкидлайдилар.
Қуйида бренд логоси атрофида юзага келган бошқа шов-шувли жанжаллар билан танишишингиз мумкин.

Сурат манбаси, Getty Images
Лондон Олимпиадаси логоси
Аллақачон Олимпиада Ўйинларига икки бор мезбонлик қилган Лондон 2012 йилда ўзи қабул қилиб олиши лозим бўлган халқаро спорт байрамини ўзгача ижодкорлик кайфияти билан кутиб олмоқчи бўлди.
Аммо дизайнерлар ижод уммонига шунчалик чуқур шўнғиб кетган шекилли одамлар улар томонидан тақдим этилган логотипни ғазаб ва мазах билан қарши олдилар.
Лондон Олимпиадаси рамзига айланиши кўзланган логотипнинг кўриниши 2007 йилдаёқ маълум бўлган эди.
Одамлар фикрича, логотип жуда ҳам ғалати шрифтда ёзилган ва «даҳшатли» пушти рангга бўялган эди.
Ҳатто, айрим одамлар бу логотипни порнографик филмлар титрларига ўхшатиб, кулди ҳам.
Эрон Олимпия Қўмитаси расмийлари эса логода битилган «2012» рақамини "Zion" сифатида ўқиди.
Бироқ жамоатчилик ғазабини логонинг кўринишидан кўра унга сарфланган маблағ кўпроқ тоширди. Лого дизайни машҳур Wolff Olins бренд консалтинги томонидан нақд $600 мингга ишлаб чиқилган эди.
Шунга қарамай, Халқаро Олимпия Қўмитасига кўра, Лондон 2012 Ўйинлари бу лого ортидан $120 миллиондан кўпроқ маблағ ишлаб олган.

Сурат манбаси, P&G
Совундаги «иблис гажаклари»
Американинг шахсий гигиена маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи Procter and Gamble (P&G) компаниясини 1980 йилларда сатанизмни тарғиб қилишда айблаганлар.
Компаниянинг ўша йиллардаги анъанавий логотипида 13 та юлдузга боқиб турган соқолли қария тасвирланган эди.
Ушбу лого яратилган узоқ 1851-йилдан бери одамлар орасида турли миш-мишлар юрар эди. Овозаларга кўра, компанияси логотипи гўё иблисни тамсил қилар ва маҳсулотлар сотувидан келаётган фойданинг маълум қисми сатанистлар (иблисга сиғинувчилар)га берилар эди.
Буларнинг бари баъзи одамлар логотипдаги қариянинг соч-соқолини иблисникига ўхшатиб юборгани туфайли эди.
P&G 1991 йилда логотипни янгилайди. У 2007 йили судда ўз рақиби Amway компаниясига қарши киритган $19 миллионли даъво ишини ютиб чиқади - маълум бўлишича, Amway иблис тўғрисидаги миш-мишларнинг ортида турган экан.

Сурат манбаси, University of California
Илмий «ҳожатхона»
2012 йилда Калифорния Университети янги логотип орқали олийгоҳ имиджини замонавийлаштиришга уринади.
Янги рамз дипломлар ва расмий ҳужжатларни безаб, уларга нуфузли кўриниш бериб туриши мақсад қилинган эди.
Бироқ америкаликлар логотип дизайнини кулги билан қарши олди. Кўпчилик уни «ҳожатхонанинг сув турадиган идиши»га менгзайди. Талабалар эса йиллар давомида тер тўкиб, эришган дипломини «ҳожатхона идиши безаб туриши»ни истамай, онлайн петиция орқали норозилик билдира бошлади.
Табиий равишда, ҳеч қанча вақт ўтмай, университет раҳбарияти бу логодан воз кечади.

Сурат манбаси, Tokyo 2020/Theatre de Liege
Олимпиададаги кўчирмачилик
Бу жанжалга кўп бўлмади.
2015 йилнинг сентябр ойида 2020 йилда бўлиб ўтадиган Токио Ўйинларини Ташкиллаш Қўмитаси кўчирмачиликда айбланиши ортидан ўз логосини ўзгартиришга мажбур бўлди.
Белгиялик дизайнер Оливье Дебий қўмитани судга бериб, япониялик ҳамкасби Кенжиро Санони ўзи икки йил олдин Белгиядаги театрлардан бири учун яратган лого дизайнини ўғирлашда айблаб чиқди.
Кенжиро ва Токио 2020 расмийлари бу айбловларни қатъиян рад этди.
Шунга қарамай, Токио Олимпиадаси 2020 логоси бошқасига ўзгартирилди.

Сурат манбаси, Tropicana
Ачиган шарбат
Шарбатлари билан жаҳонга машҳур Tropicana бренди 2009 йилда кўпчилик севган логотипини алмаштириши ортидан ачиб қолган шарбатдан татиб кўргандек бўлди.
Компания «сомонча санчилган апелсин» тасвири туширилган анъанавий логосини шарбат тўлдирилган идиш тасвирига ўзгартирган эди.
Компания янги дизайнни яратиш йўлида миллионлаб доллар сарфлайди.
Бироқ янги лого туширилган илк маҳсулот пештахтага чиқарилиши биланоқ Tropicana қанчалик катта хатога йўл қўйганини англаб етади.
Айнан янги дизайн деб савдолар ҳажми бирданига 20 фоизга тушиб кетади.
Оқибатда, Tropicana раҳбарияти «эски дизайнга ҳиссан боғланиб қолган мижозлар кўнглига қарамагани»ни тан олади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek





























