Дунё: Ироқ насронийлари ‘йўқолиб кетиш арафасидаʼ

Iraqi Christians in Baghdad church (file photo)
Сурат тагсўзи, Ироқ насронийлари дунёнинг энг қадимги насроний жамоаларидан саналади
    • Author, Фрэнк Гарднер
    • Role, Би-би-сининг хавфсизлик масалалари бўйича мухбири
  • Published

Ироқ Курдистони пойтахти бўлмиш Ирбил архиепископи Британия насроний етакчиларини тобора йўқликка юз тутаётган Ироқ насронийлар жамоатини етарлича муҳофаза эта олмаганликда айблаб чиқди.

Лондонда сўзга чиққан архиепископ Башар Варда 1,400 йиллик таъқиб ортидан Ироқ насронийлари йўқолиб кетиш арафасига келиб қолганини таъкидлаган.

Унинг сўзларига кўра, АҚШ етакчилигидаги халқаро коалиция Саддам Ҳусайн тузумини ағдарган вақтда 1,5 миллион атрофида бўлган насронийлар сони ҳозирга келиб, 83 фоизга камайган ёки атиги 250 минг нафарни ташкил этмоқда.

«Дунёнинг қадимий, агар энг қадимий бўлмаса, черковларидан бир бўлмиш Ироқдаги насронийлик йўқликка учрамоқда. Бизнинг қолган қисмимиз шаҳидликка тайёр турмоғи лозим,» таъкидлаган архиепископ Варда.

Жаноб Варда ИШИДни, ҳозирда, Ироқ насронийларига хавф солаётган энг йирик таҳдид ўлароқ кўрсатган.

Исломий Давлат жангариларининг ҳужумлари ортидан 2014 йилда 125 мингдан зиёдроқ насронийлар ўз тарихий ватанини ташлаб, қочиб кетишга мажбур бўлгани айтилади.

Жорий йилнинг март ойида ИШИДнинг Суриядаги сўнгги қароргоҳи ҳам босиб олинган.

Жангарилар Ироқнинг иккинчи йирик шаҳри бўлмиш Мосулдан 2017 йилнинг июль ойида ҳайдаб чиқарилган эди.

Аммо террорчилар Ироқда насронийларга тегишли ибодатхоналар ва уйларни вайрон этишга улгурган. Уларнинг дастидан ўз ватанидан чиқиб кетган минглаб оилалар эса ҳали ортга қайтмаган.

Архиепископ ўз чиқишида насронийлар ва язидийларни ўлдириш орқали Исломни кенг ёйишни тарғиб қилувчи экстремист гуруҳлар сони ошаётганидан ташвиш билдирган.

'Сиёсий эҳтиёткорликʼ

Архиепископ Варда Буюк Британия насроний етакчиларини сиёсий эҳтиёткорликка амал қилиш важи билан Ироқда ўз диндошларига қарши давом этаётган хунрезликларни очиқ қоралаб чиқмаганликда айблаган

Chaldean Catholic Christians in Baghdad (file photo)

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Ироқ насронийлари ИШИД томонидан нишонга олинган

Улар исломофобияда айбланишдан қўрқиб, сукут сақлашни афзал билди, деган ироқлик архиепископ.

Англиялик епископлардан бири Филип Монстивен жаноб Варданинг сўзларида жон борлигини тан олади.

«Сиёсий эҳтиёткорлик Ғарбни насронийлар дуч келаётган таъқиб тўғрисида очиқ гапиришдан тийиб қўйди,» деган у.

Епископ Монстивен насронийлар фақат исломий мутаассиблар тазйиқига учрамаётгани ва бу масалага кенгроқ ёндашиш зарурлигини таъкидлайди.

Ирбил архиепископи тарихчилар Исломнинг Олтин Даври, деб атовчи вақтларда Ироқ мусулмонлари ва насронийлари аҳил-иноқ ҳаёт кечирганини эслатиб ўтган.

«Бизнинг насроний аждодларимиз мусулмон араблар билан тафаккур ва фалсафа борасида яқин ҳамкорлик ўрнатганлар. Улар ўртасида 8-асрдан ўзаро ҳурматга асосланган алоқа бошланган.»

'Ҳақиқат онлариʼ

2019 йил Яқин Шарқнинг турли мамлакатларида яшовчи насронийлар учун турлича кечмоқда.

Мамлакатнинг 100 миллиондан зиёдроқ аҳолисининг, камида, 10 фоизини ташкил этувчи Миср коптлари жиҳодчилар ҳужумига учраган, черковларида портлашлар уюштирилган.

Бироқ Папа Франсис февраль ойида Бирлашган Араб Амирликларига уч кунлик тарихий ташрифини амалга оширди ва Арабистон яриморолига қадам ранжида қилган тарихдаги илк папага айланди.

БААда у билан кўришишга 135 мингга яқин католик насронийлар йиғилдилар.

Архиепископ Ғарбни бефарқ қараб турмасликка чақирди

Сурат манбаси, Jewan Abdi

Сурат тагсўзи, Архиепископ Ғарбни бефарқ қараб турмасликка чақирди

Сўнгги 40 йил давомида шариатнинг қатъий тартибларини қўллаб келган Саудия Арабистони эса ўтган йилнинг декабрь ойида копт насронийларининг йиғин ўтказишига биринчи бор рухсат берди.

Асосан, исломий радикаллардан иборат исёнчи гуруҳлар таҳдидига учраган Сурия насронийлари президент Ассад кучлари мамлакатнинг катта қисмини қайта қўлга олиши ортидан бироз енгил тин ола бошлаган.

Аммо Ироқ насронийлари ҳануз ноаниқ вазият билан юзлашганча қолмоқда.

Суннийлар ва шиалар ўртасидаги зиддият давом этмоқда, мамлакатнинг ғарбий ва шимолий ҳудудларида ИШИД жангариларининг номаълум сони ҳамон изғиб юрибди.

Архиепископ Варда ёрқин келажакдан у қадар умид қилмаётганини билдиради.

«Дўстлар, балки биз аждодларимиз ерларидан ажраб қолиш хавфи билан юзлашаётган бўлишимиз мумкин. Биз бу ҳақиқатни тан оламиз.»

«Тинч ва бегуноҳ инсонлар ўз эътиқоди туфайли таъқиб этилиши ва йўқ қилинишига йўл қўйиб беришда давом этилаверадими? Дунё бизнинг йўқ қилинишимизга қараб тураверадими? »

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek